2017 йилнинг энг чиройли машиналари маълум қилинди
Film haqida qisqacha:
Парижда 33-сонли халқаро автомобиль фестивали бўлиб ўтди. Фестиваль доирасида анъанавий равишда якунланган йилнинг энг чиройли машиналари маълум қилинди. Фестивалнинг ҳакамлар ҳайъати ғолибларни ҳам серияли ишлаб чиқарилувчи машиналар, ҳам концепт-карлар орасидан танлаб олди. Бундан ташқари, фестиваль ташкилотчилари иккита персонал мукофот топширишди. Булар ҳақида қуйида билиб оласиз.
2017 йилнинг энг чиройли автомобили – Alpine A110
Alpine A110 купеси дебюти 2017 йил мартида Женевадаги автосалонда бўлиб ўтган. Машина қайта тикланган бренднинг илк модели бўлди. Купе 1,8 литрли, 252 от кучига эга турбодвигатель билан жиҳозланади ва 100 км/соат тезликка 4,5 сонияда эриша олади.
Бу йўналиш бўйича ғолибликка BMW X2 (2-ўрин), DS7 Crossback (3-ўрин), Volvo XC60, Jaguar E-Pace ва Mazda MX-5 моделлари ҳам даъвогарлик қилди. Ғолиблар халқ томондан овоз бериш орқали аниқланди.
2017 йилнинг энг чиройли интерьери – DS7 Crossback
DS7 энг бош унвон учун ғолибликни қўлдан бой берган бўлса-да, бироқ мукофотсиз қолмади ва энг чиройли интерьер йўналишида ғолиб бўлди.
2017 йилнинг энг чиройли суперкари – McLaren 720S
Парижда йил суперкари сифатида McLaren 720S эътироф этилди. Ушбу икки эшикли машина ҳам Женевада илк бор тақдим қилинганди. Купе 4 литрли, 8 цилиндрли твин-турбо мотор билан жиҳозланган, унинг қуввати 720 от кучини ташкил қилади. Суперкар 100 км/соат тезликка 2,9 сонияда эришади.
Энг чиройли суперкарни 17 кишидан иборат ҳайъат танлади. Бу тоифадаги автомобиллар учун зарурий шарт – улар 60 минг евродан қиммат бўлиши лозим. Ғолиблик учун, шунингдек, Aston Martin Vantage, Ferrari Portofino ва Porsche Panamera моделлари ҳам даъвогарлик қилди.
2017 йилнинг энг чиройли концепт-кари – Mazda Concept Vision Coupe
Бу мукофот Mazda компаниясига қаторасига иккинчи йил насиб қилмоқда. 2016 йилда энг чиройли прототип сифатида RX-Vision купеси эътироф этилганди, энди бу номга Concept Vision Coupe лойиқ деб топилди. Машина 2017 йил кузида Токиодаги моторшоуда кўрсатилган.
Бу йўналишда ғолиблик учун даъвогарлар бошқа йўналишларга қараганда энг кўп бўлди. Унвон учун Audi Aicon, BMW i Vision Dynamics, Kia Proceed Concept, Lamborghini Terzo Millennio, Mercedes-Benz AMG GT Concept, Mercedes-AMG Project One, Vision Mercedes Maybach 6 Cabriolet, Nissan Vmotion ва Peugeot Instinct кураш олиб борди.
Футуристиклик учун мукофот – Italdesign Airbus Pop. Up
Фестивалда 2017 йилнинг энг футуристик лойиҳаси сифатида Pop. Up прототипи эътироф этилди. Прототип қуруқликда ва ҳавода ҳаракатланиш учун алмашинувчи модулларга эга учувчи автомобиль бўлиб, у Italdesign ательеси ва Airbus компанияси томондан яратилган. Бу йўналишда ғолибликаа Honda Urban EV, Smart Vision EQ ForTwo ва Volkswagen Sedric ҳам даъвогарлик қилди.
Креативлик учун мукофот – Renault Symbioz
Ушбу йўналишда ғолиблик Renault Symbioz концептига насиб қилди. Ғалаба учун француз концепти билан бирга Honda Neuv, Infiniti Prototype 9 ва Renault RS 2027 Vision курашди.
Энг яхши дизайнер – Жерри МакГоверн
Фестивалнинг индивидуал мукофотларидан бири Land Rover автомобиллари яратувчиси Жерри МакГовернга топширилди. У 2017 йилнинг энг яхши автомобиллар дизайнери деб топилди.
Алоҳида хизматлари учун мукофот – Карлос Гон
Renault-Nissan альянси раҳбари Карлос Гон алоҳида хизматлари учун мукофоти билан тақдирланди. Кўринишича, бу мукофот унга у раҳбарлик қилувчи альянс энди Renault-Nissan-Mitsubishi деб аталаётгани учун берилган.
@asilmedia_tarjima_kinolar